Ўзбек адабиёти Она ҳақида ёзилган дурдона асарларга ниҳоятда бой


с. 1 с. 2 ... с. 5 с. 6
О Н А Ж О Н
Шеърлар

Тошкент — «O‘ZBEKISTON»- 2013




Тўпловчи ва сўзбоши муаллифи:

Ашурали ЖЎРАЕВ
Ўзбек адабиёти Она ҳақида ёзилган дурдона асарларга ниҳоятда бой. Онани улуғлашда, мадҳ этишда ижодкорларимиз чин маънода улкан ютуқларга эришган. Насрда ҳам, назмда ҳам ҳар қанча мақтовга арзийдиган асарларимиз борлиги бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Илк бор нашрга тайёрланган ушбу китобдан ўрин олган шеърлар асосан Она ҳақида, онанинг улуғлиги ва беқиёс фазилатлари ҳақида. Бу шеърларни ўқиш жараёнида дастлаб киши кўз олдига ўз онасининг нурли ва меҳрли сиймоси намоён бўлади.

Бу оддий китоб эмас, балки китоб жавонингизнинг энг мўътабар жойидан ўрин оладиган шеърий жавоҳирдир. Ва бу жавоҳир ҳар бир хонадонга нур олиб киришига ишонамиз.

Масъул муҳаррир:
Ибодулла ШОЙМАРДОНОВ

Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни Она сиймосига қиёс этганларида катта маъно бор. Дунёда «муқаддас» деган сўзга энг муносиб зот ҳам — Онадир.

Онани эъзозлаш — бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат.

Ислом КАРИМОВ
ОНА САЙЁРАСИ
Она!

Бу табаррук сўзни айтиш ёки эшитиш билан юрагимизда бехосдан чексиз меҳр пайдо бўлади. Ва ҳар сафар вужудимизда онанинг мунис ва меҳрибон сиймоси акс эта бошлайди. Томирларимизда самимият ва яхшилик дарёдай жўш уради. Она, дейиш билан тилимиз ҳам, дилимиз ҳам беқиёс инсоний меҳр-муҳаббатга, эзгуликка тўлиб-тошиб бораверади, бораверади...

Болалигимизда, аниқроғи эсимизни таний бошлаган кезларда бизга; “Онангни яхши кўрасанми ёки отангни яхши кўрасанми”, деб пайдар-пай савол беришади. Ва табиийки, кўпчилик, “онамни”, деб жавоб беради. Бу асло отамни ёмон кўраман, дегани эмас. Аксинча, бу онага бўлган меҳр-муҳаббатнинг юксак рамзи, онага бўлган самимиятнинг бебаҳо изҳори эканлигини оталаримиз ҳам тушунади. Оналаримизни яхши кўришимиз, ардоғлашимиз ва хурмат қилишимиз оталаримизга ҳеч маҳал оғир ботмайди. Чунки, оталаримизнинг ҳам оналари бор. Улар ҳам ўз оналарини биздай қадрлаб, биздай яхши кўриб биз каби хурмат қилишига ишонамиз. Онани эъзозлаш, қадр-қимматини ўрнига қўйиб, бошга тож каби кўтариш бизларга ота-боболардан мерос. Машҳур қўшиқда айтилганидек: «Бу оламда улуғ зот ким, десанг, доим онам дерман».

Она улуғ зот бўлиш билан бирга, ўзида ҳайратли мўъжизаларни мужассам этган сир-синоатларга бой инсон. Масалан, гўдак чинқириб йиғлаяпти. Уни атрофидагилар қанча ҳаракат қилмасин тинчлантиролмаяптилар. Бола на алдовга, на дўққа кўнади. Юмушлардан бўшаган онаси уни дарҳол бағрига босади. Гўдак она исини олиши билан тинчийди. Яна бир ҳолат: бола касал, иссиғи баланд, бир аҳволда ётибди. Унга докторнинг дори-дармонлари ҳам унчалик кор қилмаяпти. Шунда она алаҳсираётган фарзандининг пешонасига меҳр билан ҳароратли кафтини қўяди. Бир пастдан сўнг бола ором ола бошлайди. Она билан боғлиқ бундай ҳайратли мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Она шу қадар улуғ ва қудратли зотки, у кўзга кўринмас улкан куч билан, меҳр-муҳаббат билан фақат фарзандларини, яқинларини эмас, балки бутун бошли инсониятни бағрига босиб, дардига дармон бўла олади.

Она ҳамиша ўзида беқиёс куч-қудрат топаоладиган ноёб қудрат эгаси. Яна бир гап: жафокаш тарих саҳифаларидан яхши биламизки, оналар энг оғир ва қийин даврларда ҳам, қатағон ва қаҳатчилик йилларидан ҳам метин иродали ва меҳрибон, жасоратли ва самимий, довюрак ва меҳнаткаш бўлиб, аввало, жонидан ҳам азиз фарзандларини, туғилиб ўсган Ватанини асраб қолиш учун ҳаётини фидо қилишдан асло қайтмаганлар. Оналар қатағонлардан қўрқмаганлар, туҳматлардан асло чўчимаганлар. Фарзандлар эса оналарнинг жасорати ва мардона нигоҳларидан куч-қувват олганлар, ботир бўлганлар... Бундай улуғ оналар хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳларига ҳамиша дуолар қилиш инсоний бурчимиздир.

Одам боласи она туфайли бу ёруғ жаҳонни кўриш бахтига муяссар ва мушарраф бўлади. Она туфайли бу ҳаётнинг барча лаззатларидан баҳраманд бўлади. Она туфайли дунёнинг завқ-шавқига, қувончларига кўмилиб юради. Она туфайли бахт-иқболга эришади. Она туфайли умрини яхшиликларга, эзгуликларга, фидойи ишларга сафарбар этади. Она туфайли умрини яхши ва эзгу амаллар билан безайди. Ҳар бир фарзанд, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ у қиз бўлсин энг аввало, онасини рози қилишга интилади. Онаси олдидаги қарзни узишни шарафли бурчи, деб билади.

Она бахти — фарзандлар бахти, оила бахти, жамият бахти. Она бу бебаҳо бахтни ҳеч кимга, ҳеч нимага алишмайди.

Баъзан онани умри узоқ ва метиндай мустаҳкам дарахтларга қиёслашади. Ёки она иродасини улкан тоғларга, она меҳрини дарёлари-у уммонларга ўхшатишади. Бу ўхшатишларнинг барчаси ҳақиқат. Гўё энг ёши улуғ дарахтлар ҳам оналар умрига тақлид қиладилар. Тоғлар ҳам аслида ўз иродаларини оналарга қараб чамалайдилар. Дарё-ю денгизлар меҳр-муҳаббатда оналарга тенг келиш-келмаслиги ҳақида баҳс юритадилар.

Табиат оналар билан ҳисоблашади, оналар билан маслаҳатлашади, оналар билан бирга қадам ташлайди. Ўатто табиат ҳам онаизорга озор бергиси келмайди. Табиат меҳр кўрсатишда, меҳрибон бўлишда оналардан ибрат олади. Шу боис уни она-табиат деймиз.

Дунёда қанча миллат бўлса унинг шунча онаси бор. Ҳар бир миллат фарзанди ўз онасини яхши кўрмаслиги, қадрламаслиги ва ҳурмат қилмаслиги асло мумкин эмас. Она Африкада ҳам, Америка ва Ҳиндистонда ҳам, Осиё, Европа ва Антарктидада ҳам она. Она улуғ ва бебаҳо зот сифатида ҳар жойда, ҳар мамлакат ва миллатда беқиёс даражада эъзозланади. Ранг-рўйидан, урф-одатидан, турмуш-тарзидан қатъий назар она улуғ зотлигича қолади. Жумладан, биз, ўзбекларда ҳам. Онамиз, онажонимиз, порлаб турган қуёшимиз, тўлин ойимиз, чарақлаб турган юлдузимиз. У бизнинг — жонажонимиз...

Дунё халқлари ичида оналарни севиш, қадрлаш ва улуғлаш борасида ўзбеклар ҳамиша энг олдинги сафларда бораётгани, бошқа миллатларга ўрнак бўлаётгани кишига фахр ва ифтихор бағишлайди. Бу ажойиб ва бебаҳо фазилатимиз билан ҳар қанча ғурурлансак, фахрлансак арзийди. Биздай онани бошига кўтарадиган ва онадай улуғ зотнинг ҳурматини жойига қўядиган миллат кам топилса керак, эҳтимол биз каби онапараст халқлар бармоқ билан санарлидир...

Мустақиллик даври нафақат Ватанга, инсонга бўлган муносабатларни балки биринчи галда онага, онажонларимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни, самимий муносабатимизни, батамом ўзгартириб юборди. Мустақиллик туфайли ўзбек оналари юксак қадр топди, десак муболаға бўлмайди. Оналар жамиятнинг ижтимоий кучига айланди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ибораси билан айтганда: “Оналарнинг обрў-эътиборини жиддий равишда ошириш, уларнинг меҳнатини, жисмоний соғлом, маънавий бой ҳамда ахлоқан пок ёш авлодни тарбиялашдаги хизматини муносиб баҳолашимиз керак. Она тўғрисида, унинг фарзанди тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг муқаддас бурчидир.”

Мамлакатимизнинг мустақиллик майдонидаги “Мустақиллик ва эзгулик” монументида қуёшдай порлаб турган “Бахтиёр она” ҳайкали юқорида айтилган ҳаётий фикрларнинг амалдаги ёрқин намунасидир.

Оналар бахтиёр юрт — келажаги буюк юрт.

Оналар бахтиёр юрт — тинчлик барқарор юрт.

Оналар бахтиёр юрт — фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас юрт.

Оналар бахтиёр юрт — мангу озод ва обод юрт...

Бизда катта байрамлар, йирик тантаналар “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш, онани зиёрат қилиш билан бошланади. Бу зиёратда ҳикмат бор... Гўё онанинг пок дуоси бор...

Миллатнинг улуғлиги — онанинг улуғлиги билан белгиланади. Онага бўлган эҳтиром — миллатга бўлган эҳтиромдир. Миллат комиллиги — она комиллиги билан ўлчанади.

Ўзбек онаси ҳамиша меҳнаткашлиги, меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги билан бошқа миллат оналарига ибрат бўлиб келаётир. Ўзбек онаси меҳнат олдида тиз чўкмайди, аксинча меҳнат устидан ҳамиша Қолиб келади. Меҳнат ундан чекинади. Она ҳар қандай меҳнат ва юмушни эзгуликка айлантиради. Меҳнатга саховат бағишлайди. Онанинг ҳаракатида баракат бор, саховат бор.

Ўзбек онаси пазандаликда ҳам, ҳунармандликда ҳам бошқаларни лол қолдиради. У ёпган нонлардан она меҳри келиб туради. У пиширган таомлардаги лаззатни ҳеч қаердан тополмайсиз.

Оналаримизни, онажонларимизни таърифлаб, улуғлаб ва уларни мадҳ этиб ёзилган асарларни, чоп этилган китобларни йиҚсак, улкан тоғ бўлиши табиий. Лекин бу асарларнинг бирортасида ҳам ижодкорлар ҳали онага аниқ ва лўнда таъриф беролмаган. Ўали онанинг мукаммал сиймосини акс эттирган бадиий асарнинг яратилмагани ҳам ҳақиқат. Шундай бўлсада ижодкорларимиз оналарни мадҳ этишдан, уларни таърифлаб-тавсифлашдан бир лаҳза тўхтаганлари йўқ. Ирмоқлар дарёларга, дарёлар денгизларга мудом қуйилиб тургани каби оналар ҳақидаги асарлар ҳам адабиёт уммонини мунтазам бойитиб бораётир.

Ушбу китоб оналарга бағишлаб ёзилган шеърлар уммонидан бир томчи холос. Шу боис китоб дунёдаги энг янгроқ, дилрабо қўшиқдай туюлади. Китобдан ўрин олган шеърларга ва уларнинг мазмун-мундарижасига ҳам тўхталмадик. Ҳатто «Она», «Онажон» сўзлари билан безанган шеърлар сарлавҳаларини ҳам асл ҳолича қолдирдик. Бу ўқувчи меъдасига тегмайди. Шеърларга баҳо беришдан ҳам ўзимизни тийдик. Чунки ҳар бир ижодкор ўз онаси ҳақида қандай ёзган бўлса, шундайлигича чоп этишни лозим топдик. Шеърларга баҳо бериш сиз-азиз китобхонлар ҳукмига ҳавола.

Яна бир гап; китобдан барча ижодкорларнинг она ҳақидаги шеърларини тўла ғамраб олишнинг имкони бўлмади. Кейинги нашрларда бу кемтикни тўлдириб борамиз. Умид қиламизки, бу эзгу ишда сизлар ҳам бизга ёрдам берасиз. Китобни ўқиб чиқгач, сиз ҳам ўз онажонингиз ҳақида шеър ёзиб юборсангиз ажаб эмас. Агар она ҳақидаги шеър юрагингизда пайдо бўлган бўлса, қўлингизга дарҳол қалам олинг. Ва фақат тўғрисини ёзинг. Она — муқаддас мавзулардан бири. Оналар ҳақида енгил-елпи ва ёлғон ёзиб бўлмайди. Оналар қуруқ ва сохта мақтовларга ҳеч қачон муҳтож эмас. Шунда она олдидаги мингдан бир қарзингизни узишга ҳаракат қилган бўласиз.

Она аслида ўз улуғлик кўламининг кенг чегарасизлиги, меҳр оламининг беқиёслиги ва ҳадсизлиги билан сайёрага ўхшайди.

Она коинот мисол инсоний фазилатлари, тинчлик, эзгулик, бағрикенглик, меҳр-муҳаббат рамзи сифатида одамзотни доимо бағрига меҳр билан босиб туради.

Она ер шарини бало-қазолардан, ёмонлик ва ёвузликлардан асровчи буюк жасорат тимсолидир.

Она буюк сайёра... ҳар биримиз ана шу сайёрага мудом талпинамиз ва ҳамиша унинг атрофида парвонамиз. Она сайёрасидан нажот кутиб яшаймиз.

Мангу бор бўл, мангу боқий бўл, нажоткоримиз — Она сайёраси!..



Ашурали ЖЎРАЕВ

Алишер НАВОИЙ

ТЎРТЛИКЛАР
Оналарнинг оёғи остидадир

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эсанг

Бўл онанинг оёғин туфроғи.

* * *

Бошни фидо айла ато қошиға,



Жисмни қил садқа ано бошиға.

Тун, кунингга айлагали нурпош

Бирисин ой айла, бирисин қуёш.

Ғафур Ғулом
ОНА
Туғилган дамимни эслай олмайман,

Ташаккур дейилса арзигулик тонг.

Танам йўргакланган, муштим туғилган,

Олтин рудасидай ишланмаган онг.


Ҳали бепардозман, олам жамолин

Кўра олмасликка кўзим ҳам ожиз.

Танглайим кўтарган бибим бечора

Ким эди, билмайман ўлгандир, эсиз.


Биринчи тамшанган она сут қадрин

Асл ўғил бўлиб оқлаш эътибор.

Теварак оламга зийнат саналур

Она юрт бағрида кўркам ҳар чинор.


Қирқ йил ҳадегунча ўтиб ҳам кетди,

Ўғлингни кўрсайдинг етук камолин.

Кутиб етишолмай бизга қолдирган

Шунчалар муҳайё олам жамолин.


Дунёдай алвон ранг дастурхон ёзиб,

Сенинг оилангда ҳаммамиз обод.

Кумуш узугингни бармоқдан олиб,

Ушбу шеърим билан сени қилдим ёд.


Худди юрак устида

Эркалаган қўлинг бор.

Сочимни силаб қўйган

Панжанг изи — йўлинг бор.


Уфқлардан кенг эдинг

Бағрингга олган чоғи.

Ўзлигимни танитган

Онагинам қучоғи.


Мингга кириб ўлсам ҳам,

Қулоқда қуйма алланг.

Қуёшга қўшнимиз, деб

Кўрсатганинг минг-минг ранг.


Ўзинг, ахир, нимасан,

Қоямисан, тоғмисан?

Ўзинг ахир нимасан,

Жаҳонмисан, боғмисан?


Рангмисан, қуёшмисан,

Ўаммасидан улуғсан!

Етук-етук сўзимни

Шаънингга айтгуликсан.


Ҳойнаҳой, бир китобсан,

Минглаб қомусдан баланд.

Ҳойнаҳой офтобсан,

Мен эса сенга фарзанд.



Ҳамид ОЛИМЖОН
ЙИГИТЛАРНИ ФРОНТГА ЖЎНАТИШ
Поезд тайёр жўнамоққа,

Вокзал тўла йигитга:

Она бу кун узатади

Ўз ўғлини фронтга.


— Хайр ўғлим, оқ йўл бўлсин,

Хайр, кўзим қораси.

Билким, жангда билинади

Мард йигитнинг сараси.


Бола экан тиш чиқардим,

Ёвларни тишласин, деб.

Тоғдай оғир билак бердим,

Душманни муштласин, деб.


Яна икки кўз ҳам бердим,

Ёв келганда кўргани.

Оёқ бердим лозим келса

Ёв устига юргани.


Ақл бердим, ёв босганда

Енгишга йўл топсин, деб.

От ҳам боқдим, маврид келса

Жангга миниб чопсин, деб.


Мана бу кун буюк халқинг

Сени чақирди жангга:

Фашист деган бир аждаҳо

Ёв келибди Ватанга.


Отангнинг номини айтиб,

Болам, мард бўл, жангга кир.

Душманни қув элимиздан,

Кетидан елдай югур.


Кўкдан келса, қилич билан

Оёғини қирқиб ол;

Ёрдан чиқса, қўндоғ билан

Аблаҳнинг бошига сол.


Ҳамла қилса гавдасини

Танк билан мажағлаб ўт.

Кўкка чиқиб ўлим ёғдир,

Қолсин бегўр, бетобут.


Ҳужум чоғи чекинма ҳеч,

Тулкини шер бўлиб бос.

Тирноқ билан бағрини йирт.

Қўлингни дор қилиб ос.


Агар жангда иш бермасанг,

Олмасанг ботир деб ном,

Душманни енгиб қайтмасанг

Берган сутларим ҳаром.


Хайр, ўғлим, оқ йўл бўлсин,

Хайр, кўзим қораси.

Билким, жангда билинади

Мард йигитнинг сараси.


Йигит қасамёд қилади

Милтиқни олиб қўлга.

Паровоз ҳам қичқиради,

Поезд тушади йўлга.


Она йўлга тикилади:

— “Болам, йўлинг бўлсин оқ...”

Поезд кўздан йўқолгунча

Тикилади у узоқ.


Миртемир
СЕН ОНА...
Алишерга алла айтиб ухлатган

Сен — она.

Оғушида Бобур камолга етган

Сен — она.

Торобийни оғир жангга жўнатган

Сен — она.

Оламни нурида мунаввар этган

Сен — она.

Йиғласа, дунёни расо титратган

Сен — она.

Кулгиси саодат парвариш этган

Сен — она.

Доҳийлар бешигин бедор тебратган

Сен — она.

Меҳри баҳорида элни яшнатган

Сен — она.

Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга,

Бўл бардам, она!

Онадай ошиқ йўқ она Ватанга,

Муҳтарам она...


ОНАГИНАМ
Товонимга чақир тиканакдай ботувчи — ғашлик,

Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.

Жигаримни қиймалаб аҳён-аҳён,

Чучварага  чеккувчи — ғашлик.

Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,

ғашимга теккувчи — ғашлик.

Суякларимни сирқиратиб,

оч теватдай ғажигучи,

Кўзимга ёш тирқиратиб,

жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик...

Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,

Йигит ёшим тўлмай туриб,

Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб

Жон берган онамни кўришимга

кўзим етсайди,

Тиззасига бир нафас бош қўйишимга

кўзим етсайди,

Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга

кўзим етсайди,

Оқ сутингни оқлай, дейишимга

кўзим етсайди,

Менда ғашлик нетарди?

Янтоқ ўтинидек,

Тамаки тутунидек,

Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —

Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!

Онагинам!

Одам бўлдимми менам?

Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб

бермаган бўлсам,

Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб

бермагам бўлсам,

Ё нон ёпишинг учун,

Ҳатто бир йўла, бир кун

Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман...
Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман...

Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,

Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!
Сени жиндак хушвақт қилгани,

Сени жиндак хушбахт қилгани -

Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,

Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим —

Тоғдай зил.

Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,

онагинам!
Одам бўлдимми менам?

Ҳа, одам санашар мени элимда,

Сенга қилолмаган хизматим,

Сен деб чеколмаган заҳматим —

Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим

Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,

жиндак яхшилик ва ёмонлигим

Мени одам санаган элимга бахшида,

жафодийда онагинам!

Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,

Эл мени фарзандим демасми ахир!

Рози бўл, одам саналай менам...

Дунёга қайтиб келурман,

Лекин бошқа ўғил бўлиб...


ОНАГИНАМ
... Она бағрин қўмсаб ўтди гўдаклик,

Тақдир олиб кетмиш эди йироққа.

Гоҳ ўксуклик, гоҳи шўхлик, тентакли,

Тағин бир ёз қайтиб келдим қишлоққа.


Не кўрайин? Кетмон ётур занг босиб,

Сопи синиқ, қараб бўлмас ўроққа.

Оғил, четан, қудуқ боши чанг босиб,

Онам шўрлик ўхшар жонли қурчоққа.


Кўз ёшини артиб рўмол учида,

Манглайимдан ўпиб, тутар сўроққа.

Синглим кўзи милт-милт, ҳовли бурчида,

Ҳовли ўхшар ҳозир юз бир қуроққа.


«Кўз ойдин!» деб олис-яқин келишар:

«Келдинг чоғи тағин тўрт кун қўноққа?»

Вақт тиғиз-да, булар қайдан билишар,

Бири уйга, бири чорлар овлоққа.


«Тулпор тўғри чортоқ томон чопармиш,

Сен ҳам ахир чопиб келгунг чортоққа.

От айланиб, қозиғини топармиш,

Сен ҳам ахир топиб келгунг шу ёққа...»


Бири у дер, бири бу дер, хушвақтлик,

Сакраб кетгум келар ўхшаб тайлоққа.

Яхши тилак, яхши орзу, хушбахтлик,

Майли борсам бориб келай яйлоққа.


Вақт тиғиз-ку, лекин анча тургим бор,

Тағин тушгум, қайдам, қандай сўқмоққа.

Онагинам кўз олдида юргим бор.

Кетмам, тўлқин итғитгандай қирғоққа.


Тонг отмайин ўроқни ҳам соплагум,

Кетмонни ҳам дуч қилгайман қайроққа.

Лой қиламан, лойга сомон қоплагум,

Эрта билан дўстлар келур шувоққа.


Қайдан билсин не савдолик ёш бошим,

Она қалби ўхшар ойдир булоққа.

Хаёлларда совиб қолар сўк ошим...

Онагинам ўтин қалар ўчоққа...


ЗУЛФИЯ
* * *
Онам! Сенинг иссиқ, азиз жонингни,

Заррадек чоғимдан бошлаб биламан,

Ўзим ҳам зарра-ю, лекин қонингни

Янгилаб жисмингдан ўзни узганман.


Сен гул жувон ҳали мендан бехабар,

Булутдай гўдаклар тортди ҳавасинг,

Энди мен сен десам қайноқ, муаттар

Ҳоврин ҳис қиламан илиқ нафасинг...



ОНАМ БОҚИ
Кечагина борлиқ эди мовий қор,

Севгидайин кун тафтидан эриди.

Эсда:

Биз ёш, қор баҳордан сервиқор,



Танимизда минг бир офтоб бор эди.
Ҳамма гўзал:

Ёши ўтган онам ҳам

Хушбўй эди хиёл сўлиқ гул мисол,

У билганни пари билмас бир олам,

Унга келиб ечиларди барча фол.
Нафасидан нафас олиб ўсдик биз:

Фарзандлару, гулу китоб ҳамроҳи.

Гулдан жозиб эди бизнинг онамиз,

Бир жаҳон бахт бағишларди нигоҳи...


Онам боғи орзусимон турфа ранг,

Лоқайд, бачки безакларга эди ёт.

Бор мавжудот рақиби-ла қилиб жанг

Ўстирди боғ, ўғил ва қиз — зурриёд.


Шу эрам боғ замонанинг зайли-ла

Эл ўтгувчи равон йўлга айланди.

Онам!

Сизнинг умр ҳаёт майли-ла



Менинг жисму жаҳонимга жойланди...
Неча аждод кечган боғдан йўл қолди,

У йўлларда Сизу мендан йўқдир из!

Сизни Мену,

Мени Оналик олди,

Аёл зоти кетмас ҳаётдан изсиз...
Асқад МУХТОР
АЯЖОНИМИЗ
Титраб янграр эди уфқлар тонгда,

Гўзал куйлар эди аяжонимиз.

Булутлар тўлғанар эди осмонда,

Жажжи юракларда — ҳаяжонимиз.


Куйни қари қартанг мукка тинглаган,

Бунда ожиз эди ҳар қанақа сўз.

Уруш мўраларди қўлсиз енглардан,

Юпун хирмонлардан — бебарака куз.


Аям кўкка қушдай интилар эди,

Этагидан ушлаб дийдирардик биз.

Яшил кўзакларда мўлтиллар эди,

Чала қолган куйдек болалигимиз.


Булутлар безовта эди осмонда,

Жажжи юракларда — ҳаяжонимиз.

Дадамизни эслаб шундай ҳар тонгда,

Мунгли куйлар эди аяжонимиз.


Куй бўлиб учмоқни қиларди орзу,

Дадамизни эслаб шундай ҳар тонгда.

Аммо, қанотларин ёзолмасди у,

Чунки биз бор эдик қанот остида.



ШУҲРАТ
О, ОНА...

Зулфияга
Кўз очиб оламга келгандан бери

Неларни кўрмади бу бошим менинг.

Озми-кўп танидим ҳаётнинг сирин,

Қирққа ҳам етибди бу ёшим менинг.


Йилдан-йил орттирдим талай дўсту ёр,

Ҳурматлаб дедилар, «дўстим», «ўртоғим»,

Улғайдим: кўксимга бош қўйиб дилдор,

У деди: «Бахтимсан, суянган тоғим!..»


О, она, ҳеч бири эмасдур ширин

«Болам!» деб бир оҚиз айтган сўзингдан!

О, она меҳрингда қуёш яширин,

Не ажаб гул унса ҳар бир изингда!




ТЎРТЛИК
Дунёда энг яхши, меҳрибон она,

Бу менинг онамдир, билинг, ёронлар!

Эй, ўғил-қизларим, бўлинг парвона

Онамда қолмасин дарду армонлар!



Шоислом ШОМУҲАМЕДОВ
ОНАМГА
Ойи, деб кирганим чоқ кўнгил боладек қувноқ,

Дилдан кетар қудурат, дилим сочингиздек оқ.


Сиз борсизки, мен бола, яшнайман нақ гул-лола,

Ташлансам тизингизга мисли эрка қўзичоқ.


Оромижон тизингиз, меҳр тўлиқ кўзингиз,

Қуёшимдир юзингиз, сиз бор иқболим порлоқ.


Боқишингиз доимо менга бахш этар сафо,

Шундан дилим мусаффо, ҳар сўзингизда сабоқ.


Сизданмасми ёшлигим, «ёш» бўлсам-да бошлигим,

Элга киприк-қошлигим, оқ сутингиздек қайноқ.


Сиз бор, орзуларим ёш, олтмишга кирса ҳам бош,

Улкан хаёллар йўлдош, орзуларим арғумоқ.


Ойи, десам дилимда, бол мазаси тилимда,

Она сўзи эмасми ҳаётимда шамчироқ.


Ёнингизда бўзласам, сизга кўнглим сўзласам,

Юз ёшингиз кўзласам, кўнгил кўнгилга муштоқ.


Мен эсам жонингизда, юлдуздек ёнингизда,

Сизнинг осмонингизда нур эмиб турсам порлоқ.


Бахтимга бўлинг омон, бошимизга соябон,

Сиз борсиз, Шоисломжон сайроқ, қувноқ, шарқироқ.


ОНАСАН
Жон десам, жондан азизсан, меҳрибонсан, онасан,

Танга жон, қалбимга нур берган, қуёшсан, яна сан.


Навниҳол, нозик нафас мурғакка айлаб жон фидо,

Кечалар уйқу ҳаром, бир неча бор уйғонасан.


Гар тикан кирса оёққа йўлга кирган чоғида,

Кипригинг бирла чиқармоқ бўласан, тўлғонасан.


Урмагай қалбинг менингсиз, томиримиз ҳам бир тепар.

Шодлигимда шодмонсан, ғамда бирга ёнасан.


Одаму олам безак истар эса ул сенда жам,

Одамийлик парвариш топган қучоқ — гулхонасан.


Кўп авайлаб ҳамда эъзозлаб мени ер бағридан

Ифтихор бирла учирдинг бул куни осмона сан.


Қондириб меҳринг булоғидан менга бердинг ҳаёт,

Дер Шоислом, онажон, меҳримга сен ҳам қонасан.


Саида ЗУННУНОВА
* * *
Онангни севгин, деб ўргатмоқ ғалат,

Хоин қалб шу сўздан ўнгланармиди?

Сут билан кирмаган бўлса муҳаббат,

Номусни биларми, тўлғанармиди?

Жонидан жон олиб, қирқиб умрини,

Ҳуснини ўғирлаб қочгучи бола

Кошки бир онанинг бўлсайкан шўри...

У ҳамманинг шўри, ҳаммага бало.

Новвот ичидаги ипмиди она,

Шимиб-шимиб туфлаб ташласанг лоқайд.

Қалб эмас, ҳаттоки дарз тушар тошга,

Унинг кўзларига ўкинч қўнган пайт.

Онангни севгин, деб ўргатмоқ ғалат,

Андиша солади танамга титроқ.

Одам туғилишининг ўзи муҳаббат —

Бўлса-ю, юқмаса бу унга бироқ —

Фарзанд аталарми, дерларми инсон,

Соялар кирарми ҳеч қачон сафга.

Севгисиз вужудда не қилсин виждон,

Булар арзимайди насиҳат, гапга.




Ёнғин МИРЗО
ОНАМ ДЕРМАН
Бу оламда улуғ зот ким,

Десанг, ёрим онам дерман.

Ҳаётим устуни мунис,

Вафодорим онам дерман.


Гул умрим машъали ўчмас,

Хаёлдан сурати кўчмас.

Дилимга о, дили пайваст

Мададкорим онам дерман.

Бу оламда улуғ зот ким,

Десанг, ёрим онам дерман.


Кўзим нури-ю дармоним

Неча шодлик ва армоним

Кеча-кундуз нигоҳбоним

Шифокорим онам дерман.

Бу оламда улуғ зот ким,

Десанг, ёрим онам дерман.


Она фарзандга бол бергай,

Муҳаббат гулларин тергай,

Ҳам ардоғлаб, ҳам ўргилай,

Чаманзорим онам дерман.


Узоқ кетсанг, қолар доғда,

Кутар бедор саҳар чоғда.

Муқаддас она тупроқда

Умидворим онам дерман.


Аё, Ёнғин онангни эт шод,

Ёзиб мадҳин ва қилгин ёд.

Она бирлан ҳаёт обод

Мададкорим онам дерман.

Бу оламда улуғ зот ким,

Десанг, доим онам дерман.


Ибройим ЮСУПОВ
МЕН ҚАЛЪАДА ЎҚИГАНИМДА
Дарслардан кеч чиқар эдик,

Мен қалъада ўқиган кунлар.

Қуёш ботар, овулдан келиб,

Кутар эди онам ҳам шунда.


Пахта завод деворларига

Суянганча ул турар эди.

Бутун дунё хаёлларида

Мени, деб, у йўл қарар эди.


Бўйларимни кўриб узоқдан

Бир ширин сўз топиб турарди.

«Чарчадинг-ов, айланайин», деб,

Бошим сийпаб, ўпиб қўярди.


Қайта туққан каби қувониб,

Олди-ортга қарамасданоқ,

Она-бола йўлга тушардик

Қоронғуда... яп-яланг оёқ...


Ит кўринса олдинда, э воҳ,

Қўрқиб, ўзни босиб турардик.

Одам бўлиб чиқса ул «қора»,

Йўлдан четга қочиб турардик...


Мана, энди машинадаман,

Зувлаб ўтсам мен ўша ердан.

Оқ рўмолли меҳрибон онам

Кўрингандай бўлади бирдан.


Ҳозир мени кўриб қолар у

Ва, қўлини силкийди шодон.

«Чарчадингми, айланайин-ов»,

Деб, бошимни силар меҳрибон...


Тўра СУЛАЙМОН

ТАВАЛЛО
Бу йил 94 ёшни қоралаётган онам — Мукаррама уста Нурмат

полвон қизларининг шарофати билан битилган машқим
Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,

Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,

Кўзларимда қалқиб турса ёш,

Бу ҳолимга беролмай бардош

Муштипар бир Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,

Қора қозон қолса қайновдан,

Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,

Қарзга ботар бўлсам бировдан

Таскин бериб Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,

Жабр кўрсам бир бетавфиқдин.

Ортда турсам қалби қуроқдин,

Қадрим хароб бўлса тупроқдин.

Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Оға-ини ўртасида гап...

Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:

Бири иззат, бири мулк талаб.

— Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, —

Дея шўрлик Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Синалмоқнинг гали келганда,

Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,

Номим қолмас бўлса жаҳонда,

Ким дўст-душман билинар онда

Аҳволимга Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Ҳаним бир ён, мен бир ён бўлсам,

У устивор, мен урён бўлсам,

Бу ҳам камдай ногирон бўлсам —

Ёғоч отга ёнма-ён бўлсам

Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,

Қолганлари ёлғон йиғлайдир.


Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,

Вужудимга солмасдин ваҳм,

Қабул айла тавалло-оҳим,

Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,

Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,

Волидаи Муҳтарамамни.


Жуманиёз ЖАББОРОВ

* * *
Она

Фарзандига бўлиб парвона

Тунлар алла айтар:

— Ўсгин, оппоғим.

Оналик завқига қона ва қона

Юпатар,


Эркалар умр чироғин.

Йиғласа ғам чекар,

Шодланар кулса,

Дилига пайванддир ҳар бир нафаси.

Бола тез улғайса,

Чин одам бўлса —

Шудир онаизор орзу-ҳаваси!

Шу ният йўлида тунлари бедор,

Фарзанди меҳрига ғарқ бўлар аёл...

Бола ўсган сари сочга қўниб қор,

Ўзин кексайишин қилмайди хаёл.

Эркин ВОҲИДОВ
ЗАМИН ВА ФАЗОГИР
Замин:

Сенга тахтиравон, кошонадурман,

Сенга мангу ватанман — хонадурман.

Таажжуб қилмагин бағримга тортсам,

Боламсан, ҳар на қилса онадурман.
Фазогир:

Кўкингда чақнаган дурдонадурман,

Саҳар Зуҳроси янглиғ ёнадурман.

Қуёш атрофида парвонасан, Ер,

Сенинг тенгрангда мен парвонадурман.
Замин:

Самовот узра қалб монанд эрурман,

Сенинг меҳру ўйингга банд эрурман.

Фазода уч баландроқ, лочиним, уч,

Боқиб парвозингга хурсанд эрурман.
Фазогир:

Заминим, мен сенга фарзанд эрурман

Онамсан, тоабад дилбанд эрурман,

Ақл бирлан енгиб тортиш кучингни,

Кўнгил бирлан сенга пайванд эрурман.
Ҳусниддин ШАРИПОВ
ОНА НАВОСИ
Кечалар узундир, кечалар узоқ,

Гоҳ кўзим илинмас тонг қадар, болам.

Кўнгил мавжларига солганда қулоқ,

Хаёлга не келиб, не кетар, болам.


Фарзанддир онанинг умрига гултож,

Дардига малҳам-у, бахтига йўлдош,

Ҳеч кимни этмасин ҳеч кимга муҳтож,

Миннат ёш жонингни оғритар, болам.


Майли, ўлтирмагин тун-кун бошимда,

Етар пайдо бўлсанг тез-тез қошимда,

Балки ризқинг бордир бир кафт ошимда,

Гап-сўзни айласам мухтасар, болам.


Гоҳ борсам уйингга ўзимдан ортиб,

Яйрар набиралар сакрашиб, йўртиб,

Кўтарсам, қўлимдан олмагин тортиб,

Менга ҳам ярашар ғунчалар, болам.


Азиз умринг бўлиб шоҳона бир байт,

Қўшиқлар ичингдан тошиб кетган пайт

Арзингни менга ҳам тушунтириб айт,

Қолмайин дардингдан бехабар, болам.


Ўз инин ватан деб севаркан турна,

Сен ҳам ҳар заррасин кўзга эт сурма.

Ичмагин, чекмагин, бемаҳал юрма,

Бўлсин босган изинг бехатар, болам.


Хайр-хўш қилармиз бир кунмас-бир кун,

Тонгларим ҳуснини тўсганда ҳам тун,

Бахтингни кўрсам бас — мамнунман, мамнун,

Сен борки, бизлар ҳам мўътабар, болам.


Абдулла ОРИПОВ
ЎЗБЕК ОНАСИ
Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,

Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг.

Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,

Сен Темур бешигин тебратган бедор,

Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,

Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас,

Она буюрганда йўлдан қайтилмас,

Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир,

Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,

Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,

Кўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,

Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг,

Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,

Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,

Пайт кеди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,

Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир,

Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир,

Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,

Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,

Азиз Юртбошимга дуоларинг айт,

Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.


ОНАЖОН
Онам Турди Карвон қизи хотирасига
I
Неча кунки йўқ оромим,

Келолмайман ҳушимга.

Онажоним кечалари

Кириб чиқар тушимга.

Қўлларида оқ елпуғич

Ой нурида ялтирар.

Онажоним имлаб мени

Қошларига чақирар.

Келтирарлар гоҳо бешик

Кўзларида ҳаяжон.

Ётар пайтинг бўлди-ку дер,

Кела қол, дер болажон.

Қайларгадир югураман,

Фиғонимдан чиқар дуд,

Йиғлама деб қўлларимга,

Тутқазарлар сўнг тобут,

Тонгда руҳсиз кўз очаман,

Қовурилар танда жон.

Онажоним, бундай қилма,

Бундай қилма, онажон.

Ахир ўзинг дер эдинг-ку,

Силаб ўксук бошимни:

— Энди сенга берсин умр,

Сенга берсин ёшимни.

Афсус, ўзинг эрта кетдинг,

Эрта кетдинг оламдан.

Укаларим бағрим эзар,

Ажралдик, деб, онамдан.

Бевақт ҳазон бўлмай ҳар ким

Яшаб ўтсин дунёда.

Онажоним, ҳар ким ошин

Ошаб ўтсин дунёда.

Гарчи фано ҳар кимсага

Азалий бир қисматдир.

Лекин, она, тириклик ҳам

Билсанг, ярим ҳикматдир.

Тушларимда, майли, бошим

Силаб тургин, онажон

Қолганларга энди умр,

Тилаб тургин, онажон.


II
У кун четда оҳ чекардим

ғуссаларнинг дастидан.

Сен отамга пул берибсан

Ёстиғингнинг остидан.

Айтибсанки, онасизлик

Келмасин ҳеч ўйига.

Сарф қилингиз, менга эмас,

Абдулланинг тўйига.

О, ўғлингга сен шафқатни

Билардинг-ку, онажон.

Бундан кўра бағрим ўйсанг,

Бўларди-ку, онажон.

Заррагина раҳм этгали

Сабринг менга йўқмиди?

Онажоним, бундан ўзга

Жабринг менга йўқмиди?

Йўқмиди ҳеч ўзга гапинг, —

Нола қилиб сўйласанг.

Наҳот, ахир сўнгги дам ҳам

Фарзандингни ўйласанг.

Ахир орзу қочиб кетмас,

Битказар-ку тириклар.

Онажоним, бир кунини

Ўтказар-ку тириклар.

Унутилар ғуссалар ҳам,

Орзулар ҳам чўзар бўй.

Онажоним, балки бир кун

Айтганингдай бўлар тўй.

Балки сенинг қабринг узра

Кўкарганда гул чечак,

Остонамга қадам қўяр,

Сен истаган келинчак.

Кимдир унинг йўлларига

Балки гул ҳам сочади.

Балки мунис опажоним

Кел, деб қучоқ очади.

Балки дўстлар даврасида

Камим бўлмас ҳеч қачон.

Лекин сени ўша дамда

Қайдан топай, онажон.


III
Эсимдадир, титрар эдим —

ғамгин, болиш пастида.

Китобимни кўрдим ногоҳ

Бошгинангнинг остида.

Тошдай қотдим ўшал они

Бор тоқатдан айрилиб.

— Шоир ўғлим, — дединг менга

Секингина қайрилиб.

Онажоним, сўнг бор менга

Нафас қилдинг у замон.

Шоир бўлгин, дея балки

Ҳавас қилдинг у замон.

Онажоним, балки мен ҳам

Бу кун шавққа тўларман.

Балки мен ҳам айтганингдай

Бир кун шоир бўларман.

Куйлай десам ҳурматингни

Ушбу кунда тилим лол.

Балки фақат шу сабабли

Шоир бўлсам эҳтимол.

Балки сарсон — аросатда

Қолиб кетмас бу таним,

Камолимни кўрар балким,

Юртим, она Ватаним.

Пайти келиб тўлар бир кун

Паймона ҳам беомон.

Кузатарлар мени ҳам сўнг

Сенга томон, сен томон.

Балки у кун бошим узра

Дўстлар бош ҳам эгадир,

Ўша дамги иқболим ҳам,

Онажоним, сенгадир.

Дилда неки журъатим бор,

Дилда неки ҳаяжон —

Бари, бари сенга бўлсин,

Сенга бўлсин, онажон.

Сенга бўлсин бор ҳаётим,

Номим, шоним бир йўла,

Хотирангга ушбу шеърни

Ёзди ўғлинг Абдулла.


ОНАМГА ХАТ
Қайтгим келди, онам, ёнинга,

Юрагимда исмсиз дардлар.

Совуқ хонам, соат чиқ-чиқи,

Ташқарида хазонрез боғлар.

Ёмғирнинг жим хониш қилиши...

Бариси ҳам нечундир бу дам

Туширмоқда сени ёдимга...

Қайтгим келди, онам, ёнингга.

Юрагимни очиб гапирсам,

Кам-кам бўлар менда бундай ҳол.

Шодмон юрсам, менинг ёдимга

Сен тушмайсан ростдан, онажон.

Ногаҳоний бундай ҳолда-чи,

Шундай кўргим келади сени.

Айтсам сенга бор гапларимни

Орзуларим, ҳасратларимни

Йиғлаб, кулиб айтгим келар, ҳа,

Одамларнинг қадру қимматин,

Англамаймиз бирга бўлганда,

Аммо ногоҳ узоққа тушсак,

Ё танҳолик ҳасратин чексак,

Баъзан шундоғ,

Одам зотининг

Тирноғига зор бўламиз, ҳа!

Тушунмайман бул ҳақиқатни,

Сен-ку ахир онасан, она...

Она, ранжимагил хатимдан,

Мен ростини ёздим, шод дамим

Сен тушмайсан асло эсимга.

Аммо умр ўзи, биламан,

Солар сени ёдимга бот-бот,

Яъни, бошимизни доим ҳам

Она бўлиб силамас ҳаёт.
ОНА ДЕГАН НОМ...
Дейдилар, қаҳрли баҳодирлар ҳам

Жангларда жон берар чоғи мардона,

Беҳад азобларга чидаб сўнгги дам,

Битта сўз дермишлар шивирлаб: Она.

Улуғ бир донишманд оламни шарҳлаб,

Ахийри танибди туққан элини.

Забон бахш этганга эҳтиром сақлаб,

Она, деб атабди илк бор тилини.

Дунё шоирлари Ватан шаънига

Сифат ахтармишлар қатор ва қатор.

Ниҳоят, келмишлар битта маънига:

Она Ватан дея битмишлар ашъор.

Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда рангсиздир калом.

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном!



ОНА
Кимдир савол берди: — Айтгил, Муҳаммад,

Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга.

Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт,

Ота онамгами ёхуд боламга?


Расул жавоб қилди: — Тингла биродар,

Гапимни уч бора қулоққа илғил.

Имкон топа олсанг дунёда агар,

Энг аввал онангга яхшилик қилгил.


Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ —

Ростдан она эрур қиблаи олам.

Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ

Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.


ОНА
Каъба қопқасида турган эй, посбон,

Аввал оналарнинг очгин йўлларин.

Оналар пойига тиз чўк ўшал он,

Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин.

Ҳожар онамизнинг нидоси сабаб

Каъбада кўз очган оби зам-зам ҳам.

Бир умр талпинмиш онага қараб

Не-не пайғамбарлар, кўзларида нам.

Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо

Тобут ясаб келган эр зоти доим.

Оналар бағрига фақат бешик жо,

Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим.

Шўрлик одамзоднинг толеи учун

Энг аввал оналар қилсин ибодат.

Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун,

Оналар ўтинчи топиб ижобат.

Каъба қопқасида турган эй, посбон,

Аввал оналарнинг очгин йўлларин.

Оналар пойига тиз чўк ўшал он

Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин.



ОНАМНИ ЭСЛАБ...
Шамол увиллайди,

Қор, бўрон тошиб,

Тепалик тўшига ўзни уради.

У ерда тупроққа бағрини босиб

Танҳо бир сағана маъюс туради.

Қошига чиқай деб бўзлаб йўл юрдим,

Кўкрагимни тилди изғирин, тикан.

...Нетай, онажоним, қанча одам кўрдим,

Сендан яқин кишим йўқ экан...
ОНА
Кўкда юлдуз учса ногаҳон,

Битди, дерлар қайси бир тақдир.

Бундай ғамни кўтармак осон,

Бу эҳтимол, бизлар ҳақдадир.


Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз,

Эслаб дейман онамни шу он:

Она кетса, юлдуз-ку юлдуз

Қулаб тушса арзийди осмон.




ОНАМ ВАФОТИГА
Маконда номаконсан, энди қайдан излагайдурман,

Фиғоним кимга айтиб, кимга сендан сўзлагайдурман.

Бировлар мотамида оҳу фарёд айлаган эрдим,

Сенинг-чун, эй ғарибим, ич-ичимдан бўзлагайдурман.


Омон МАТЖОН

ОНА ДЕГАН СЎЗ
Юлдузлардан сирқилиб шабнам,

Уфқ билан кўришганда ер,

Офтобга кипригим билан

Она сўзни ёздим гўё шеър.


Аму оқар мисоли булут,

Уфқ бўлиб оқади Аму,

Қирғоғини этса ҳам унут,

Майсаларни унутмайди у!


Ҳар кўкат, ҳар баргнинг номига

У элтади тоғлардан таъзим,

Она деган сўзнинг ёнига

Чизгим келди МАЙСАнинг расмин.


Капалак ранг, булбуллар оҳанг

Кашфи билан маст бўлган лаҳза,

Она сўзин қаватига ман

Ёзиб қўйдим БАҲОР деб аста...


Мен жо этдим Она номига

Ерни сўнгги гардигача то.

Энди Она сўзи ёнига

Дадил ёзиб қўяман: ДУНЁ!


Мен юлдуз деб уни куйлайман,

У Ватандир, У Арши аъло.

Мен унга минг ташбеҳ ўйлайман,

Етказурман миллионга ҳатто...


Ерда, лекин минг-минглаб одам

Она номин билса муқаддас.

Уруш деган биргина сўздан

Оналарни сақлай олур бас!


Рауф ПАРПИ
ОНАМГА ХАТ
Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,

Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.

Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,

Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.


Юзимга нафасинг урилар илиқ,

Ажиб ёруғликка тўлмоқда хона.

Суратим қошида дуолар қилиб

Тағин йиғладингми, муштипар она?


Ўша гап, севганим шу азиз Ватан,

Бу қадар ташвишлар ютмагил, бағрим,

Ўксук отам каби ҳали ҳам зотан,

Қалқиниб-қалқиниб турибди шаҳрим.


Биламан... сирни бой беришлик ёмон,

Ўғлингга бу йўлда бардошлар тила.

Баъзан топганимни ичиб қўяман

Сирни бой бермасдан улфатлар ила.


Бироқ эҳ, билмайман, гўёки зимдан,

Кимдир таъқиб этар мени беомон.

Қандайдир бир кимса балки ҳақимда

Хунук латифалар тўқийди, ёлғон...


Она, куйланмаган бир куй истайман

Ва лекин алдоғчи ҳислар олур жон.

Эҳтимол, қаламни бекор қистайман,

Нетайин, ростини айтгил, онажон.


Яшил дарахтзорни ечинтирар куз,

Пойимда баҳорнинг алвидо уни.

Бепарво ёшликни илғамайди кўз,

Қайлардан ахтарай, онажон, уни.


Билурман... йўлимда ғичирлар тошлар,

Заъфарон куз янглиғ хаёлим тақир.

Шаҳарнинг ғавғоли тинчини ташлаб,

Узоқ вақт ёнингга бормадим ахир.


Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,

Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.

Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,

Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.


Бахтсизликка ўхшаб кетар бу ҳолим,

Сенсиз бахтсизликка ўхшайди қисмат,

Сенсиз ёришмасди менинг хаёлим,

Дунёнинг лақаби бўлурди ҳасрат.


Миразиз АЪЗАМ
ОНАМГА МАРСИЯЛАР
1
Бу кун кўрликмиди ё ғафлатдими,

Нечун билмай қолдим, ё офатдими,

Ҳақ бизга атаган бир кулфатмиди,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Жонимда бир нима узилиб кетди,

Юрагим қон бўлиб эзилиб кетди,

Кўз ўнгимда олам бузилиб кетди,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Жон олгани кепти Азроил, эвоҳ...

Бизларни ғамдан ҳеч этмабсиз огоҳ?

Дардингиз тоғ экан, демабсиз бир оҳ,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Кўз узсам, эгилиб келиб қошимга,

Кулдингиз кўзимдан оққан ёшимга...

Кўз очсам, топмадим яна қаршимда,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Дод деб уйғонарман тунлари бирдан,

Жонимда бир зарра қолмай сабрдан,

Ёнма-ён жой олгим келар қабрдан,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Нечун сўзларингиз дурга битмадим,

Нечун бир опичиб ҳажга элтмадим.

Нечун сиздан олдин гўрга ётмадим,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Тўйми, аза — яхши-ёмон кунимда,

Ким туради энди менинг ёнимда?

Ким юпанч беради қийналганимда?

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!


Ажалнинг дастидан қорайди юзим,

Оллоҳ, юрагимга Ўзинг бер тўзим.

Жаннатингга қўйгин онамни, Изим,

Жойингиз жаннатда бўлсин, онажон!


2
Сиз учиб кетдингиз қайси дунёга,

Нечун ерга қолдим ёлҚиз, онажон.

Сўзларингиз истаб боқсам самога,

Бутун олам жимжит сассиз, онажон.


Нега ўз вақтинда англай билмадим,

Армонли дунёда қолдим, онажон.

Дардингизни пайқаб тинглай билмадим,

Соғиниб инжиниб толдим, онажон.


Камида тўқсонга кирасиз девдим,

Оламда гуркираб юрасиз девдим,

Невара тўйларин қурасиз, девдим,

Мен кимга ишона қолдим, онажон.


Менга қатъий-қатъий сўйлаб ҳакимлар,

Кучли дейишганди юрагингизни.

Девдимки гапирар ўйлаб ҳакимлар,

Бақувват дегандим билагингизни.


Сиз бевақт учдингиз қай бир дунёга,

Сиз-ла кетган қушлар қайтди, онажон.

Сиз нечун қолдингиз қай бир дунёда,

Оллоҳ сўнгги гапни айтди, онажон.


Оппоқ сочларингиз оппоқ ипаклар,

Беҳи юзларингиз, киприкларингиз...

Оқ рўмол, сажжода батис кўйлаклар

Дафтарларда қолган битикларингиз...


Кўнгилларда нақшин нафис табассум,

Ингичка ингичка сўзлар ўгитлар...

Йиғинларда барин эслашар ҳар зум,

Зотингиздан чиққан қизлар, йигитлар.


Сиз кетган ёқлардан бизга хабар йўқ,

Аммо сиз бизларда яшайсиз ҳамон.

Сизнинг охиратдан менинг кўнглим тўқ

Жойингиз жаннатда бўлгай, онажон.



Машраб БОБОЕВ
«ОНАМГА ХАТ»ЛАРДАН
Биринчи хат
Онагинам, бедор боқиб юлдуз тўла самоларга,

Соғинчимни, саломимни сўзламайман саболарга.


Тонг нурига беланганча юмганда ҳам тун кўзини,

Мен бедорман, бедорликда дарс бергайман дарёларга.


Қучоғингда бахтинг бўлиб тўлсам деган гўдагингман,

Кўзларинг бир тўйса дейман рангин-рангин жилоларга.


Бағри саҳро бир сен эмас, кўча ялло бир мен эмас,

Оналарнинг насибаси — бардош бермоқ жафоларга.


ғамим чекма, юрагини ўғирлатиб қўймаса деб,

Муҳаббат деб топинмасман мен дуч келган рўёларга.


Келар ҳали дуоларининг ижобатга ўтажак кун,

Нуқта бўлиб боргум албат кўксингдаги нидоларга.


Саломини етказгайсан юзларига шамол пардоз,

Пахта гардин сурма қилган барча нозик адоларга.


Бу нотугал қўшиқ учун авф айлагин Машрабингни,

Соғинчиму муҳаббатим сиғмас ахир ҳижоларга.


Иккинчи хат
Йўлларимда кўзлари тўрт

Кўзлари тўрт онажон,

Дориломон кунларни кут,

Кунларни кут, онажон!


Заққумларинг пинҳона ют,

Пинҳона ют, онажон!

Нодўстларни этма хушнуд,

Этма хушнуд, онажон!


Ўғлинг бу кун толиби юрт,

Толиби юрт, онажон!

Қорни ҳам тўқ, усти ҳам бут,

Усти ҳам бут, онажон!


Юрар гоҳ ҳуд, гоҳо беҳуд,

Гоҳо беҳуд онажон!

Лов-лов ёнар кўксида ўт,

Кўксида ўт, онажон!


Орзулари кўкда бургут,

Кўкда бургут, онажон.

Ушаларми, йўқми ёхуд,

Йўқми ёхуд, онажон!


Ўзбекистон мисли ёқут,

Мисли ёқут, онажон,

Нигоҳларга қалайди ўт,

Қалайди ўт, онажон!


Унга фидо жону вужуд,

Жону вужуд, онажон!

Йўқса ҳаром сен берган сут,

Сен берган сут, онажон!


Саф боради. Саф беҳудуд,

Саф беҳудуд, онажон!

Улуғ сафда қўлимдан тут,

Қўлимдан тут, онажон!


Дийдоримдан узма умид,

Узма умид, онажон!

Армонларинг бўлар унут,

Бўлар унут, онажон!


* * *

Йўлларимда кўзлари тўрт,

Кўзлари тўрт, онажон,

Дориломон кунларни кут,

Кунларни кут, онажон!

Эътибор ОХУНОВА
ОНАМ

(Марсия)


Ўлди-кетди, эй воҳ, ғамгузорим онам,

Қайтиб келмас энди беозорим онам.

Қайга урай энди бу ҳайрона бошимни,

Бизга тўймай кетди зори-зорим онам.

Кўз ёшларимда қолган фоний ҳамроҳим онам,

Тунлар уйқусиз кўзим, тонгларда роҳим онам.


Ҳоли хароблар йиғлар, меҳрибоним онам,

Бағри кабоблар йиғлар, жону жаҳоним онам,

Бу ғамларни бошига тушганлар билар бир кун,

Сиз йўқ, ҳувиллаб қолди кенг хонадоним онам,

ғамларим кимга сўзлай Ғамгузорим онам,

Охир дафтарга тўкдим дилдаги зорим онам.


Қайлардасиз энди қиблагоҳим онам,

Излаб тополмай қолдим саждагоҳим онам,

Изларингиз ахтариб қабрингиз бошидаман,

Қояларни титратгай оҳу воҳим онам,

Тонг келдим, оқшом келдим тингламас зорим онам,

Сизсиз харидорим йўқ, кўҳна бозорим онам.


Ҳижрон эзар, сўзлашга тоқат-имконим қани,

Суратим тирик фақат, тандаги жоним қани.

Уйим тўри бўш қолди, алласиз қолди бешик,

Маслаҳатгўйим қани, тоза виждоним қани,

Кимлар кечирар энди қилган гуноҳим онам,
Қоқилганда суянчиқ, пушти паноҳим онам.

Ўлим шоҳу гадога тенг экан бу дунёда,

Онамни топарманми, жаҳон кезсам пиёда.

Онам ўлгани билан ер тўймас-ку, одамлар,

Ўлимга ўлми борми бу вафосиз дунёда,

Найлайин олис кетди, олис даргоҳим онам,

Ўтарга кўприклар йўқ, йўлларда чоҳим онам.
Беш қиз бешта шаҳарда дийдорингиз излайдур,

Гоҳи пинҳон, гоҳида ошкора бўзлайдур,

Ўчоқда ёнса олов, ёзилса гар дастурхон

Сизнинг насибангиз бор, насибангиз излайдур

Набиралар сўрашса, не дей, устозим онам,

Оҳ, чалинмай чанг босди дутору созим онам.


Ёлғиз ўғил, келин ҳам қолдилар изтиробда,

Кекса отам ғами чекар биздан зиёд хунобда,

Набиралар бувисиз, дастурхонлар дуосиз,

Олам ҳам мотам ичра назаримда шу тобда.

Чунки оламда йўқсиз бахтим-эъзозим онам,

Дардим ичимда қолди янгроқ овозим онам.


Сизни олиб кетган ул ажални ҳам ел олсин,

Сизга тор бўлган бундай оламни ҳам сел олсин.

Онасиз ўтган умр, умрмикин ёронлар,

Онасиз қолган ғариб, у қандай кўнгил олсин,

Сиз йўқсиз жаҳон ҳам йўқ, бахтим-тождорим онам,

Сиз йўқсиз, карвон ҳам йўқ, улуғ сардорим онам.


Сиз йўқсиз, яна кулгай ям-яшил баҳорлар ҳам,

Сиз йўқсиз, яна отгай бу сўлим саҳарлар ҳам.

Э воҳ, кўзим ёшидан сув ичиб унар гуллар

Кўз ёшим селобига ғарқ бўлиб қабрлар ҳам,

Бир умр ошиққайман қутлуғ даргоҳим онам,

Шеърларим билан ҳаёт яшар, оллоҳим онам.


Бир умрга яшайсиз шеърларимнинг сатрида,

Бир умрга яшайсиз гулларимнинг атрида,

Оқшомлар ёқсам чироқ, нур ёйилса хонамга

Сиз яшайсиз тоза қон, юрагимнинг қатида

Сиз илҳомим, ғазалим ёруғ осмоним онам,

Ўғил-қизга сўзласам битмас достоним онам.



с. 1 с. 2 ... с. 5 с. 6

скачать файл